А A
16:48:46 20.11.2019 Chorshanba

13:20 | 19 July 2016

Изчил ислоҳотлар самарасининг кенг намойиши

Print Print

Изчил ислоҳотлар самарасининг кенг намойиши

Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ”да I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси якунланди

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 1 июндаги Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ташкил этиш ва уни ҳар йили ўтказиб туриш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан ўтказилган мазкур ярмарка Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси маълумотларига асосан, ярмарка якунларига кўра, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 270 шартнома имзоланди. Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг 27 фоизини сабзавотлар, 25 фоизини узум, 20 фоизини мевалар, 17,6 фоизини қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар, 8,4 фоизини дуккакли маҳсулотлар, 2 фоизини қовун ташкил қилди. Ярмарка ниҳоясига етган бўлса-да, шартномалар тузиш ишлари давом этмоқда.

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси доирасида бўлиб ўтган “Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг устунлиги” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари Ўзбекистонда етиштирилган сабзавот ва полиз маҳсулотларининг табиий хусусиятлари, юқори истеъмол сифати, соҳада амалга оширилаётган модернизация ва диверсификация самаралари билан яқиндан таништирилди. Анжуман мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришнинг тежамкор технологиялари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш тизимини такомиллаштириш, ушбу маҳсулотларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, селекция ва уруғчилик, сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш масалаларини атрофлича муҳокама қилиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини берди.

25.JPG

Ўзбекистонда аграр саноат жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ушбу соҳа мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотига катта ҳисса қўшмоқда ва экспорт таркибида салмоқли улушга эга. Бу Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир. Иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, мева-сабзавотчилик ва у билан боғлиқ қайта ишлаш саноатини қайта ташкил этиш, ишлаб чиқаришни диверсификация ва модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш давомида ушбу секторда улкан ўзгаришлар амалга оширилди.

Халқаро ярмаркада ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ичимликлар, қадоқлаш технологиялари, совутиш ускуналари, транспорт ва логистикага оид кўплаб бўлимлар ишлади. Ўзбекистон мева-сабзавотчилик соҳаси вакилларининг маҳсулотлари мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган 170 дан ортиқ компания экспозицияларида кенг ўрин эгаллади. Улар кўплаб турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини намойиш қилиб, ўз хизматларини таклиф этди. Барча вилоятларнинг мева-сабзавотчилик соҳасидаги салоҳиятига оид тақдимотлар ўтказилди.

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон каби мамлакатлардан уч юздан зиёд ишбилармон доиралар вакилларининг қатнашгани чет эл ишлаб чиқарувчилари ҳамда савдо компанияларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликдан манфаатдорлигини яна бир бор исботлади.

13.JPG

Хорижлик иштирокчиларнинг фикрича, бундай самарали ҳамкорлик мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳити туфайли изчил ривожланмоқда. Ўзбекистонда турли соҳалар қатори аграр саноатда фаолият кўрсатаётган чет эллик инвестор ва шериклар учун қатор солиқ ва божхона имтиёзлари, бошқа преференциялар жорий этилган бўлиб, бу уларнинг мамлакатимизда муваффақиятли бизнес юритишига қулайлик яратмоқда.

Мамлакатимиздаги кўплаб ишлаб чиқарувчиларнинг ярмаркада иштирок этгани уларга шериклари доирасини кенгайтириш имконини берди. Мутахассисларнинг фикрича, Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг ўтказилиши Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари, айниқса, ҳудудларда жойлашган корхоналарга мева-сабзавот маҳсулотларининг хорижлик истеъмолчилари билан бевосита ҳамкорлик ўрнатиш ва уларни жаҳон бозорларига янада кўпроқ олиб чиқиш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.

Анжуман доирасида иштирокчилар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Жиззах вилоятларидаги корхоналар, фермер хўжаликлари ва боғларда бўлиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар самаралари, мева-сабзавот етиштириш, сифатли сақлаш ва қадоқлаш тизими, экспортга тайёрлаш жараёни билан бевосита танишди.

3.JPG

Мухтасар айтганда, Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган ушбу ярмарка мамлакатимиз ишбилармонлари ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида музокаралар ўтказиш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаш, шартномалар имзолаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари бозорининг йўналишлари ва ривожланиш истиқболларини таҳлил этиш, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Manba: uza.uz
Нодира Манзурова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА

Ishonch telefoni

+998 73 543-08-17

November 2019
M T W T F S S
« Jun    
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930