А A
16:25:15 20.11.2019 Chorshanba

13:11 | 19 July 2016

Халқимизнинг иқтисодий ва маънавий қудрати ифодаси

Print Print

Халқимизнинг иқтисодий ва маънавий қудрати ифодаси

Ўзбекистонда биринчи автомобиль ишлаб чиқарилганига 20 йил тўлди

Чорак аср олдин қишлоқ деса пахта даласи, ишчи деса пахтакор, машинасозлик деса пахта терув машинасини тасаввур қилган одамга бир неча йилдан сўнг Ўзбекистон дунёда автомобиль ишлаб чиқарадиган мамлакатлар қаторида бўлади, десангиз қай аҳволга тушарди?! Тўғри-да, буғдойни ҳам четдан келтиришга мажбур бўлган аграр республикада мустақилликка эришганидан кейин атиги беш йил ўтиб энг мураккаб, замонавий саноат тармоғи – автомобилсозликка асос солиниши дунёда кузатилмаган воқеликдир.

Ўтаётган ҳар бир кун бизни мамлакатимиз тарихидаги энг улуғ сана – истиқлолнинг 25 йиллик тўйига яқинлаштирмоқда. Ана шундай шукуҳли дамларда юртдошларимизнинг ҳар бири ҳаётига янада теранроқ назар ташлаб, ким эдигу ким бўлдик, деган саволга жавоб қидириши табиий. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда тарихан қисқа даврда амалга оширилган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш ва ривожланган давлатлар қаторидан муносиб жой олишга қаратилган изчил ислоҳотлар халқимизнинг улкан яратувчанлик ва интеллектуал салоҳиятини Ватанимиз равнақи, ҳеч кимдан кам бўлмай яшашимиз, буюк орзуларимиз рўёби йўлида сафарбар этиш имконини берди.

Дунёнинг етакчи таҳлилчилари мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти сирини очиш устида бош қотириб келмоқда. 90-йилларнинг бошидаёқ бозор иқтисодиётига ўтишнинг стандарт шаклларидан воз кечган бўлса-да, бир неча йил ўтиб собиқ иттифоқ республикалари ўртасида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсишига эришилиши, кам таъминланган аҳоли қатламларини кучли ижтимоий ҳимоялаш тизимининг жорий қилиниши, нефть, ғалла сингари стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар билан ўзини ўзи таъминлай бошлаши – буларнинг барчаси халқаро жамоатчилик учун кутилмаган воқелик бўлди.

Бундан йигирма йил аввал Асака автомобиль заводи ишга тушди. 1996 йил 19 июль куни Асакада «ЎзДЭУавто» қўшма корхонасининг расмий очилиш маросими бўлди.

Президентимиз Ислом Каримов ўша тантанали маросимда бундай деди: «Ўзимизнинг юртимизда ҳам, узоқ ва яқин қўшниларимиз ҳам яхши тушунадики, бундай улкан заводни қуриш учун нафақат иқтисодий ва молиявий имкониятларга, балки катта маънавий қудратга, қолаверса, катта юракка ҳам эга бўлиш керак».Автомобилсозлик дунё саноатининг энг пешқадам тармоқларидан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб ўн фоизини шакллантираётган ушбу тармоқ иқтисодиётни чуқур таркибий ўзгартиришга қодир. Бинобарин, автомобилсозлик ишлаб чиқаришга энг илғор ва мураккаб технологияларнинг кенг жалб этилиши, маҳсулотларнинг улкан қўшимча қийматга эга бўлишини таъминлайдиган қайта ишлаш тармоқларининг вужудга келишини рағбатлантириш орқали иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.

Тармоқда яратилаётган ҳар бир иш ўрни бошқа тармоқларда еттидан ўн бештагача иш жойи очилишига, мамлакатда юқори малакали мутахассисларга бўлган талабнинг ортишига замин яратади.

8.JPG

Юз хилдан кўп

Мустақилликка қадар енгил автомобилга эга бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этмасди. Мутлақо янги технологиялар, энг илғор талаблар асосида ишлаб чиқарилган миллий автомобилсозликнинг илк намуналари – «Damas», «Nexia» ва «Tico» юртимиз йўлларида пайдо бўлиши автомобиллар ҳақидаги тасаввурларимизда, таъбир жоиз бўлса, инқилоб юз беришига сабаб бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар жалб қилиниши, модернизациялаш тадбирларининг изчил амалга оширилиши самарасида миллий автомобилсозлик жадал ривожланаётган саноат тармоғига айланди. Бинобарин, ўтган давр мобайнида Тошкент шаҳри, Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида замонавий корхоналар барпо этилиб, юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк автомобиллари, махсус транспорт воситаларининг тури юзтадан ошиб кетди!

Асака автомобиль заводи ўз фаолияти кўламини йил сайин кенгайтириб борди. Миллий автомобилсозликда янги русумлар пайдо бўлди. 2001 йилнинг август ойида «Matiz» хэтчбеки, 2002 йилнинг сентябрида янги русумдаги «Nexia DOHC» седани тақдим этилди.

Компания деярли ҳар йили харидорларни янгиликлар билан хушнуд этиб келмоқда. 2003 йилда автомобиль саноатимиз «Lacetti» русумидаги автомашина ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. 2004 йилнинг декабрь ойида бир литр ҳажмли двигатель ва автомат узатмалар қутисига эга «Matiz Best», 2006 йилнинг февраль ойидан янги «Damas II» автомашиналари ишлаб чиқарила бошланди.

2008 йилда тармоқдаги тўнғич корхона – Асака автомобиль заводи ҳаётида янги давр бошланди. Унинг негизида «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ҳамда «General Motors» компанияси таъсисчилигида «GM Uzbekistаn» қўшма корхонаси ташкил этилди. Ўзбек автомобиллари сафи янги, замонавий ва сифатли автомобиллар ҳисобига янада кенгая бошлади. 2010 йилда анча такомиллаштирилган ва технологик ихчамлаштирилган «Chevrolet Spark», 2011 йилда модернизация қилинган «Chevrolet Captiva», 2012 йилда «Chevrolet Malibu», 2013 йилда «Chevrolet Cobalt» автомобили ишлаб чиқарила бошланди. Сўнгги йилларда миллий автосаноатимиз автомобиллари қаторига янги русумдаги машиналар қўшилди. Хусусан, янгиланган «Lacetti», 2014 йил бошида «Orlando» оилавий автомобили намойиш этилди.

– 2015 йилнинг июль ойида «GM Uzbekistаn» акциядорлик жамияти янги – «Labo» автомобилини омма эътиборига ҳавола қилди, – дейди «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи ўринбосари Алишер Комилов. – Compact LCV автомобиллар тоифасига кирадиган мазкур автомобиль кичик ҳажмли юкларни ташишда жуда қўл келиши билан ажралиб туради. Ушбу транспорт воситаси қисқа фурсатда «Damas» ва «Orlando» русумидаги автомобилларни ишлаб чиқаришни ўзлаштирган «Хоразм авто» заводининг навбатдаги муваффақиятли лойиҳаси бўлди.

«Nexia»ни мамлакатимиз автомобилсозлигининг энг муваффақиятли лойиҳаларидан бири сифатида кўрсатиш мумкин. Маълумотларга кўра, мазкур русумнинг биринчи ва иккинчи авлодидан мамлакатимизнинг ўзида бир миллиондан зиёдроғи сотилган. Жорий йилнинг 27 май куни мамлакатимиз автомобилсозлари жамоатчиликка «Nexia»нинг учинчи авлодини тақдим этди. Ушбу машина нафақат дизайни, балки двигатель имкониятлари, хавфсизлиги ва қулайлиги янада оширилган бутунлай янги автомобилдир.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига муносиб туҳфа бўлган мазкур автомашина «GM Uzbekistan» заводларидан чиқаётган ўн биринчи модель бўлди.

Мамлакатимиз автомобиллари нафақат маҳаллий, балки хорижий бозорларда ҳам ўз ўрнини топди. Замонавий дизайни ва техник имкониятлари билан истеъмолчилар ишончини қозонган автомобилларимизни бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида учратиш мумкин.

1.jpg

Маҳаллийлаштириш дастури самаралари

Маҳаллийлаштириш автомобилсозликни ривожлантириш ва унинг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишнинг устувор йўналишларидан биридир. Бу иқтисодиётимизни изчил ва барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ишлаб чиқаришга замонавий, самарали технологияларни жорий этишни жадаллаштириш имконини беради. Энг муҳими, маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенгроқ фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашни рағбатлантириш ва бутловчи қисмлар импортини қисқартириш ҳисобига валютани тежашга хизмат қилади.

Бугун мамлакатимизда бамперлар, автоэмаллар, герметиклар, саноат бўёқлари, тутун чиқаргичлар, ёнилғи баклари, ёнилғи насослари, автомобиль ойналари ва ўриндиқлари, аккумуляторлар, электр ўтказгичлар учун жгутлар, автомобиль салонининг ички қоплаш қисмлари, ташқи ёритиш воситалари, ёнилғи мойи ва ҳаво фильтрлари, капсулаланган ойналар, генераторлар ҳамда компрессорлар, ғилдирак дисклари, шунингдек, шасси узеллари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи кўплаб корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Дастлабки йилларда «Ўз-ДонгЖу», «Ўз-ДонгВон», «Ўз-ТонгХонг», «Ўз-СэМюнг» каби ўнга яқин қўшма корхона ташкил этилган бўлса, ҳозирги пайтда «Ўзавтосаноат» АК таркибида 35 дан ортиқ йирик ишлаб чиқариш субъектлари фаолият кўрсатаяпти.

2011 йилда «General Motors» компанияси билан ҳамкорликда двигателлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган «General Motors Powertrain Uzbekistan» қўшма корхонаси фаолияти йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Маҳаллийлаштириш дастури асосида ташкил қилинган мазкур корхона йилига 225 мингдан ортиқ двигатель ишлаб чиқариш қувватига эга. «Евро-5» халқаро экологик стандартлари асосида тайёрланаётган двигателлар Асака автомобиль заводига етказиб берилиши билан бирга экспорт қилинаётгани ҳам эътиборга лойиқдир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури соҳа корхоналари учун кенг имкониятлар яратмоқда. Дастурга мувофиқ «Ўзавтосаноат» корхоналарида амортизатор, спидометр, автомобиллар учун резинотехник буюмлар, кичкина ва стационар батарея, радиатор, кондиционер ва шовқинни тўсувчи материаллар каби 30 турдан зиёд саноат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилиши кўзда тутилган.

Мамлакатимиз автомобилсозлик соҳаси жамиятнинг бошқа турдош соҳаларга ҳам ижобий таъсир ўтказиб, бандликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Ҳозирги пайтда компания тизимида 27 мингдан зиёд киши меҳнат қилаётгани бунинг яққол далилидир.

7.JPG

Кичик бизнесга қанот бўлиб

Мамлакатимизда ишлаб чиқариш тармоқларининг тараққий этиши транспорт хизматларига бўлган талабнинг кескин ошишига олиб келди. Бу йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш баробарида юк автомобиллари паркини янгилаш, турларини кўпайтириш заруратини келтириб чиқарди.

90-йилларда аксарият юк транспорт воситалари буткул эскиргани, қолаверса, нарх белгилашда кўпроқ автомобилнинг юк кўтариш қобилиятидан келиб чиқилгани оқибатида ташиш харажатлари маҳсулот рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бирига айланганди. Бу, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари учун қимматга тушмоқда эди.

Мамлакатимиз автомобилсозлик тармоғини ривожлантиришда ушбу жиҳатлар алоҳида эътиборга олингани 2007 йилда Самарқанд автомобиль заводида уч турдаги юк машинаси ишлаб чиқаришнинг бошланишида намоён бўлди.

Япониянинг “Isuzu Motors Ltd” ва “Itochu Corporation” компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур заводда кичик, ўрта, оғир юк ташувчи автомобиллар билан бир қаторда, автобуслар ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилган. Заводнинг ёш муҳандислари саъй-ҳаракати билан йигирмадан зиёд кузов модификациялари, хусусан, бортли, енгил ҳамда изотермик фургонлар, рефрижераторлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ташишга мўлжалланган машиналар, ўзиағдаргич (самосвал) ва ўт ўчириш автомобиллари, кўчма (мобиль) қон қуйиш станциялари ҳамда дорихоналар, газ-қутқарув, махсус транспорт воситалари яратилиб, серияли ишлаб чиқарилмоқда.

Табиий газда ҳаракатланишга мослаштирилган юк автомобиллари ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилгани мамлакатимизда транспорт эксплуатацияси харажатларини қисқартириш, экологик тоза ёқилғи манбаларидан фойдаланиш кўламининг ортишига хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2011 йил 16 февралдаги «Оғир юк кўтарадиган автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришни келгусида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда оғир юк ташувчи «MAN» автомобиллари ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилишига асос солинди.

Ҳозирги кунда «JV MAN Auto Uzbekistan» Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасида 15 тоннадан 40 тоннагача юк кўтариш қувватига эга 50 дан ортиқ турдаги замонавий ҳамда ишончли юк автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. Уларга «UzAuto Trailer» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган тиркамалар ўрнатилиб, истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

3.JPG

Ҳар бир хонадонда

Автомобиль аҳолининг узоғини яқин қиладиган, ҳаёт сифатини оширадиган воситалардан бири. Мустақиллик йилларида халқимиз турмуш даражаси нақадар юксалганини биргина шу жиҳат орқали ҳам англаш, ҳис қилиш мумкин. Бугун мамлакатимизда ҳар 100 оиланинг 42 таси енгил автомобилга эга.

– Авваллари ҳовли-жой деганда бир неча хонадан иборат уй тушуниларди, – дейди Бахмал туманида яшовчи Баҳриддин Турсунов. – Эндиликда уй қуриш машина қўйиладиган жойни тиклашдан бошланадиган бўлди.

Мухтасар қилиб айтганда, тараққиётнинг “ўзбек модели” ёрқин инъикоси бўлган мамлакатимиз автомобиль саноати йигирма йилда тез ва барқарор суръатларда ривожланиб, мустақилликнинг мустаҳкам саноат тармоғига айланди. Айни вақтда 52 автомобиль ишлаб чиқарувчи давлатдан бири бўлган мамлакатимиз ишлаб чиқариш қувватлари бўйича биринчи ўттизталикдан жой олгани миллий автосаноатнинг халқаро нуфузи тобора ортаётганидан далолат беради. Буларнинг барчаси истиқлолимизнинг илк кунларида Президентимиз томонидан илгари сурилган Ўзбекистон – келажаги буюк давлат, деган ғоя – олий орзуимизнинг руёбга чиқаётганининг амалий тасдиғидир.

Manba: uza.uz
Беҳзод Бозоров, ЎзА

Телефон доверия

+998 73 543-08-17

November 2019
M T W T F S S
« Jun    
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930